Кўргазмада замонавий технологиялар тақдим этилади ва долзарб масалалар кўтарилади

1 месяц назад

Узбекистан, Ташкент — Sharq-press. 2025 йил 14 май куни Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасида “IDECA 2025” Марказий Осиё халқаро стоматологик кўргазмаси ва форуми ўз эшикларини очади. Бу муҳим тадбир доирасида фақатгина соҳа янгиликлари намойиш этилмасдан, балки илмий модуллар, мастер-класслар ва долзарб мавзулардаги мунозараларни қамраб олган форум ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Кўргазманинг эътиборга молик жиҳатларидан бири — унинг фақатгина стоматология билан чегараланмаслиги. Масалан, тадбирнинг нуфузли меҳмони, Гонконглик профессор Лакшман Самаранаяке “Стоматологияда инфекцияларнинг олдини олиш ва унинг назоратига муҳим ёндашув” мавзусидаги маърузасини тақдим этади.

Айниқса бугунги кунда тиббиёт ходимларини инфекциядан ҳимоя қилиш ва касалликларнинг бемордан беморга юқишининг олдини олиш масалалари жуда долзарб аҳамият касб этмоқда. Турли инфекция турларининг кўпайиши инфекцион назорат воситалари ва ёндашувларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини тақозо этмоқда. Масалан, Ўзбекистонда ҳали ҳам хлорли дезинфекцияловчи воситалар қўлланилмоқда. Аммо уларнинг инсон саломатлиги ва тиббий асбоб-ускуналар учун салбий таъсирлари туфайли кўпгина ривожланган мамлакатлар бундай воситалардан воз кечган. Улар ўрнини эса инсон учун хавфсиз ва самарали замонавий воситалар эгаллаб бормоқда. Аммо бундай воситаларни жорий этиш учун меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Профессор Самаранаяке тадбир иштирокчилари билан халқаро дезинфекция стандартлари бўйича тиббий протоколлар билан ўртоқлашади. Бу эса инфекцияларнинг тарқалишини олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

«BIOSTOM» компанияси раҳбари ва «IDECA» лойиҳаси директори Фазлиддин Садиков таъкидлаганидек, стоматология соҳасидаги масалалар кўргазма доираси билан чекланиб қолмайди. Мутахассислар ўртасидаги қизғин муҳокамаларни кейинчалик Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида давом эттириш режалаштирилган.

Кўргазма таълимий дастурларга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Шу боисдан ташкилотчилар томонидан мамлакатимиздаги барча тиббиётга оид олий таълим муассасаларига таклифлар юборилган. Талабалар ва амалдаги мутахассислар учун танилган экспертлар стоматологиядаги энг замонавий усулларни тақдим этишади.

Кўргазма спикерлари орасида Германиянинг Хайдельберг университетидан доктор Симона Шик, шунингдек, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Буюк Британия, Швейцария, Грузия ва бошқа давлатлардан мутахассислар ҳам бор.

Масалан, россиялик эксперт Стас Белоус раҳбарлигида янги рақамли технологиялардан фойдаланиш амалда кўрсатилади. Ташриф буюрганлар учун беморлар иштирокидаги жараёнлар катта монитор орқали намойиш этилади. Бу жараённинг барча нозик жиҳатларини ёруғликда кўриш имконини беради. Маълумки, замонавий клиникаларда 3D-принтерлар ва оғиз ичи сканерлари каби замонавий жиҳозлар мавжуд. Энг муҳими — улардан тўғри ва самарали фойдаланишда. Шу жиҳатдан, “IDECA” ҳамкасблар учун улкан имкониятлар яратади.

Фазлиддин Садиков шундай дейди:

“Мастер-класслар жараёнида биз тайёрлашнинг рақамли протоколлари асосида стоматологик протезларни тайёрлашнинг тўлиқ босқичларини намойиш этамиз. Бунинг учун мини-лаборатория ташкил этилади. Жараён беморни қабул қилишдан бошланиб, унинг учун махсус протез конструкциясини лабораторияда тайёрлаш билан якунланади. Иштирокчилар қадамба-қадам барча жараённи кузатиб, услублар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имконига эга бўладилар”.

Кўргазма кетма-кет иккинчи йил ўтказилаётган бўлиб, таниқли экспертларни таклиф қилган ҳолда, барча мастер-класслар стоматология соҳаси мутахассислари учун бепул ўтказилади. Уч кунлик тадбир давомида маърузалар, мунозаралар ва жонли намойишлар кўргазманинг барча залларида бўлиб ўтади. Эътибор марказида эса Германия, Россия, АҚШ, Швейцария, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар ишлаб чиқарувчиларининг энг сўнгги ускуналари ва стоматологик материаллари намойиш этилган экспонент стендлари бўлади.